Менделеев хаётига багишланган кеча сценарийси

           Мактаб зали тантанавор безатилган. Деворда Менделеевнинг кимёвий элементлар даврий системаси тасвирланган плакат, Ёш кимёгар деворий газетасининг махсус сони, Менделеевнинг портрети, кимёвий элементларнинг турли хоссаларини ифодаловчи плакатлар, Менделеев ҳаётининг муҳим саналарини ифода этувчи плакат, Кимё фани ҳақидаги ибратли сўзлар ёзилган плакатлар, кимёга оид кроссводлар, сканвордлар, ребуслар ва бошқа материаллар илинган.

         Кечага атаб ташкил этилган кўргазмада Менделеевга, шунингдек кимёгар алломаларга бағишланган бадиий ва кимёга оид китоблар, тематик альбомлар, буклетлар мажмуаси намойиш этилган.

         Телевизорда (иложи бўлса замонавий экранда) классик куй ва қўшиқларга доир клиплар намойиш этиб турилади.

                             Саҳнага бошловчилар чиқиб кечани очадилар:

          1 бошловчи:       Дўстлар, фикримизча, етишди фурсат,

                                    Кечани очишга этингиз руҳсат.

          2 бошловчи:       Кимё фани ютуқларин этайлик тарғиб,

                                    Бўлсинлар хабардор машриқу — мағриб.

          1 бошловчи:       Ҳар бир эл, ҳар фаннинг бордир ўз алломаси,

                                      Лек баъзи алломалар бутун дунёда донгдор.

                                     Илм хазинасидан жой олган ҳар номаси,

                                     Тафаккур мевалари ўнлаб соҳада номдор.

          2 бошловчи:       Буюк сиймолар ҳаққи, ҳурматин этмоқ бажо

                                     Башар авлоди учун қиёматли қарз эрур.

                                     Алломалар сиймосин айламак дилларга жо

                                     Аждодлардан миннатдор авлодларга фарз эрур.

          1 бошловчи:       Сўзни  тўгарак аъзоларига берамиз.

         2 бошловчи:       Биз сўз юритмоқчи бўлган алломанинг исмини қуйидаги топишмоқ шеър ёрдамида баён этамиз.

          1 бошловчи:      Ҳозир саҳнага бир гуруҳ ўқувчилар чиқиб шеър айтишади ва охирида керакли алломанинг исмини билиб оламиз.

         2 бошловчи:       Сўз тўгарак аъзоларига, марҳамат!

      (Саҳнага 9 нафар ўқувчи чиқади ва ҳаммалари бир сатрдан шеър ўқишади, шундан сўнг 1-бошловчи шеърнинг охирги икки қаторини ўқиб, ўқувчиларга савол билан мурожаат қилади. Ўқувчилар эса қўлларида ушлаб турган плакатчаларни баланд кўтариб, аллома номини ҳосил қиладилар ва баланд овоз билан шу номни айтадилар).

 1 ўқувчи:   Мен ҳеч қачон илм — фанда изланишдан толмадим,

2 ўқувчи:   Ечаолдим элементлар даврийлик муаммосин[1],

3 ўқувчи:   Навбат билан элементлар системасин[2] созладим,

4 ўқувчи:   Далилладим критик қайнашнинг даражасин[3],

5 ўқувчи:   Ечдим эритмаларнинг гидрат назариясини,

6 ўқувчи:   Лаззатландим физик-химик деган шонли унвондан,

7 ўқувчи:   Енгилмадим об-ҳавонинг[4] илмий жумбоқларидан,

8 ўқувчи:   Енга олдим ўлчов ҳамда тарози палласини[5],   

9 ўқувчи:   “Ватанимнинг олдидаги ҳизматни уддаладим”[6].

1 бошловчи:   Ўз илмий ҳаётидан қолдириб муҳим нома,

                         Бизга маълум айлаган, айтинг қайси аллома?

          Саҳнадаги ўқувчилар қўлларидаги плакатчаларини кўтариб “МЕНДЕЛЕЕВ” сўзини ҳосил қиладилар ва бир оғиздан “МЕНДЕЛЕЕВ” деган сўзни баланд овоз билан айтадилар.                                    

2 бошловчи: Энди аллома Менделеев кашф этган кимёвий элементларнинг даврий системасини яқиндан ўрганамиз.

 1 бошловчи:   Шартли равишда, даврий системани “Менделеев уйи” деб, элементларни эса бу уйнинг “фуқоролари” деб атаймиз.

 2 бошловчи: Энди “Менделеев уйи” ва унинг “фуқоролари” ҳақидаги қуйидаги шеърни эътиборингизга ҳавола қиламиз: 

      “МЕНДЕЛЕЕВ УЙИ”  ҲАҚИДА

 Ушбу бино Менделеев –

Тарҳи — ла бўлди барпо,

Минг саккиз юз олтмиш тўққиз –

Номерли уй бўлди пайдо.

 

Етти қават, саккиз подъезд,

Юз ўн саккиз хона бор,

Хоналарнинг эгалари

Яшар якка, хона тор.

 

Умрбод шу хона ичра –

Туришга эрур маҳкум.

Кўнгил сўраб улар бошқа –

Хонага ўтмас ҳеч ҳам.

 

Яшамайман, деб бош олиб –

Кетишнинг йўқ имкони,

Бинодаги қаватларда,

Тенгмас хоналар сони.

Баъзи бир хоналар бўш,

Йўқдир ичида “жони”[7].

 

Қаватларда яшовчилар,

Табиатан ҳар хилдир,

Қаватларни алмаштириш –

Жуда ҳам номақбулдур.

 

Қаватларда яшовчилар –

Сони ҳеч ҳам бир хилмас.

Бирда[8] — икки, еттинчида[9]

Ўттиз икки – ҳеч жилмас.

Икки-учда[10]саккизтадан,

Тўрту бешда[11] – ўн саккиз,

Олтида[12] ҳам етти каби,

Ўттиз иккидир, шаксиз,

 

Лекин еттинчи қаватда,

Йигирма бир оила бор,

Қолган ўн бир хона эса –

Эгасин кутади зор.

 

Эллик етти хона, ҳамда

Саксон тўққиз хонадон –

Қардошлари анчайин кўп,

Торлик қилар бунда жой.

 

Шу сабабли, бу қардошлар

Дала-ҳовлида яшар[13].

Ўз ҳолича бу қардошлар –

“Маҳаллага”га ярашар.

 

Ушбу уйнинг “одамлар”и –

Ҳулқ бўйича – кўп турли,

Баъзилари – ҳаво каби[14],

Баъзилари – залворли.[15]

 

Баъзилари – ўта ҳушфеъл,

Ҳеч қачон тоқ турмайди![16]

Баъзилари – ўта бадфеъл,

Ҳеч кимни ёқтирмайди.[17]

 

Баъзилари – тажовузкор,

Дуч келганни емирар.[18]

Баъзилари – жуда ҳамкор,

Ундан кўплар семирар.[19]

 

Кўп қўшнилар қўл ушлашса –

Башарга наф каттадир.

Баъзилари қўл тутишса –

Башарга ҳавф каттадир.

 

Хуллас ҳар бир “фуқаро”нинг,

Бордир сир – синоати,

Суҳбат қурмоқ бўлсанг агар

Ўрган уларнинг одатин.

 

Бу бинонинг “одамларин” –

Тўла ўргансак агар,

Башар жуда олға кетгай,

Ҳаёт бўлгай жилвагар.

 

1 бошловчи:  Энди ушбу уйда яшовчи айрим “фуқаро” ларнинг таҳаллуси (лақабларига) қараб, уларнинг кимлигини (яъни қандай элементлигини) аниқлашга ҳаракат қиламиз.

 2 бошловчи:  Бу “фуқаролар” нинг ҳислатларини таърифлаб топиш-моқлар айтамиз, Сиз – азиз ўқувчилар, Ота — оналар ва меҳмонлар, топишмоқларнинг жавобларини топишга ҳаракат қилинг.

 1 бошловчи:      Афсонавий Прометей –

                             Олов берган инсонга,

                             Айтинг, қандай элемент –

                             Эгадир шундай номга?

 2 бошловчи:     Марҳамат, жавобларингизни кутамиз!

 Эслатма: Топишмоқ жавобини бир – икки марта сўралади, агарда ҳеч ким жавоб бера олмаса, у ҳолда топишмоқнинг жавобини бош-ловчининг ўзи айтиб бериши мақсадга мувофиқдир.

 Жавоб: Прометий, 68 – элемент.

 1 бошловчи:     Қайси моддада“ҳаёт” –

                            Сўзига ишора бор?

Агар билсанг – номларин,

Айтиб бизга эт изхор.

 2 бошловчи:     Марҳамат, жавобларингизни кутамиз!

  Жавоб:       Водород, кислород, углерод. Уларда русча “род” сўзи қўшилган бўлиб, туғдириш, пайдо қилиш маънолари бор, бундан ташқари улар ҳаёт учун муҳим элементлардир.

 1 бошловчи:       Қайси модда номида,

                                         Олимларнинг номи бор?

Бу моддалар – олимларнинг

Номларин этган донгдор.

   2 бошловчи:     Марҳамат, жавобларингизни кутамиз!

 Жавоб:     Кюрий, Курчатовий, Менделевий, Нобелий, Эйнштейнний.

 1 бошловчи:     Қай элеметлар номи

                          Давлатларнинг номида?

                          Улар аталар қандай,

                          Кўпми саноқ сонида?

    2 бошловчи:          Марҳамат, жавобларингизни кутамиз!

 Жавоб:    Галлий (Қад. Франция номи), Германий, Полоний  (Полъша), Скандий (Скандинавия), Америций, Европий, Калифорний.

 1 бошловчи:     Айт қайси элементлар –

                          “Худо”ларнинг номида,

                          Улар қандай аталар,

                          Кўпми саноқ сонида?

   2 бошловчи:     Марҳамат, жавобларингизни кутамиз!

 Жавоб:    Ванадий (Қадимий Скандинав мифологик худоси Ванадус номидан), Торий (Скандинав мамақалдироқ худоси номидан).

  1 бошловчи:     Қулоқ бурун ва томоқ –

                          Врачи аталур – “ЛОР”,

                          Айтингчи бу атама –

                          Қай элемент номида бор?

 2 бошловчи:   Марҳамат, жавобларингизни кутамиз!

 Жавоб: Хлор элементи номида бор.

 1 бошловчи:     Дутор, рубоб ва танбур –

                           Торли чолғу асбобдир,

                          Уларнинг бир қардоши –

                          Қайси моддада бордир?

 2 бошловчи:   Марҳамат, жавобларингизни кутамиз!

 Жавоб: “Тор” чолғу асбоби “фтор” элементи номида бор.

 1 бошловчи:     Қайси қимматбаҳо тош–

                          Кўмиргадир қон-қардош,

                          Қиздирса ёниб битар,

                          Қуёшга беролмай дош?

 2 бошловчи:   Марҳамат, жавобларингизни кутамиз!

 Жавоб: Олмос (ёқут). Олмос ва кўмир қон-қардош, яъни улар углероднинг икки хил кўринишидир. Олмос ёндирувчи шиша орқали қуёш нурида қиздирилса ҳавода ёниб йўқолиб кетади (XVIII аср, Аверани ва Таржонилар текширишган).

 1 бошловчи:     “Қароқчилар ароғи”-

                          Аччиқдир, эмас ширин,

                          Қай элемент номида –

                          Унинг номи яширин?

 2 бошловчи:   Марҳамат, жавобларингизни кутамиз!

 Жавоб: “Ром”[20]. Хром ва Бром элементларининг номида бор.

 1 бошловчи:  Энди “Элементларнинг даврий қонуни”га Менделеев берган таърифни ва унинг замонавий таърифини  келтирамиз.

 2 бошловчи:     1871 йилдаги Менделеев таърифи:

 “Элементлар ва улардан ҳосил бўлган оддий ҳамда мураккаб жисмларнинг хоссалари уларнинг атом оғирликларига даврий равишда боғлиқдир”.

 1 бошловчи:     “Элементларнинг даврий қонуни”га  замонавий таъриф:

 “Кимёвий элементлар, оддий моддалар ва улар бирикмаларининг хоссалари атомларнинг ядро зарядларига даврий равишда боғлиқдир”.

 2 бошловчи:  Бу иккала таъриф ўз аро тенг кучлидир, чунки атомнинг ядро модели ишлаб чиқилгач, атомнинг ядро заряди (Z) сон жиҳатдан элементнинг даврий системадаги тартиб номерига тенглиги аниқланган.

 1 бошловчи:  Энди, “БЕШ САВОЛ” деб аталувчи интеллектуал ўйинни таклиф этамиз.

 2 бошловчи:  Бу ўйинда – бирор ҳарф танланади ва шу ҳарф билан бошланадиган сўзларни топиб, қуйидаги бешта саволга жавоб топиш сўралади.

 1 бошловчи:   Саволлар қуйидагилардир:

 

  1. Кимёгар олим номи.
  2. Кимёвий элемент номи.
  3. Кимёвий фан номи.
  4. Китоб номи.
  5. Кимёвий модда ёки тушунча.

 2 бошловчи:  Масалан,  К  ҳарфи танланса – қуйидагича жавобларни бериш мумкин:

Курчатов, кальций, Космик кимё, Кимёнинг медицинага ҳамкорлиги, кислоталар.

1 бошловчи:  Агарда  Б  ҳарфи танланса – жавоблар қуйидагича бўлиши мумкин:

   Бор, Барий, Биокимё, Биология ва кимё чегарасида, буғлатиш.

 2 бошловчи: Агарда   А  ҳарфи танланса:

 Авогадро, Азот, Аналитик кимё, Атом асри   “детективлари”, Аллотропия.

1 бошловчи:  Бошқа ҳарфлар танланганда ҳам ўйин шу каби давом этади.

        ЭСЛАТМА: Кимёвий фан номи ўрнига, умуман бирор фан номини, Китоб деганда, исталганча китоблар номини сўралса, жавоб топиш бироз осонлашади.

1 бошловчи:  Энди “АНАГРАММАЛАР” ўйинига таклиф этамиз.

2 бошловчи: Бу ўйинда бирор  сўз таклиф этилади ва бу сўз қандай маънога эгалигини аниқлаш талаб этилади.

1 бошловчи:  Ўқувчилар, ФТОРИЙ  сўзи нимани англатади?

2 бошловчи: Бу саволга ўзим жавоб берақолай. Бу анаграммада иккита элементнинг номи яширинган: — ФТОР  ва  ТОРИЙ.

1 бошловчи: Ушбу анаграммада қандай элементлар номи борлигини сизлар топингизлар: 

                                     ТИТАНТАЛЛИЙ

2 бошловчи:  Марҳамат. Жавобингизни кутамиз.

(Жавоби: — Ti, Ta, Tl  элементларининг номлари — титан,   тантал, таллий).

1 бошловчи: Энди, юқоридагига ўхшаш, ушбу анаграммани ҳал этинг:

                                    ЛАНТАНТАЛЛИЙ

2 бошловчи:  Марҳамат. Жавобингизни кутамиз.

(Жавоби: — La, Ta, Tl  элементларининг номлари — лантан, тантал, таллий).

1 бошловчи: Энди анаграммага эътиборингизни қаратинг, унда буюк биологик олимнинг исми яширинган:

                                        МЕНДЕЛЕЕВ

2 бошловчи:  Марҳамат. Жавобингизни кутамиз.

                         (Жавоби:  Мендел).

  1 бошловчи: Энди “ЭЛЕМЕНТЛАР  НОМИНИ  АЙТИШГА  ДОИР  ЎЙИН” га таклиф этамиз.

2 бошловчи:  Бу ўйинда бир ўқувчи саҳнага таклиф қилинади ва саҳнада қадамлаб юриб, ҳар бир қадамда битта элементнинг номини айтиш талаб қилинади, ўйин ўқувчи навбатдаги элементнинг номини айтаолмай қолгунча давом эттирилади. Ўйинни икки – уч ўқувчи қатнашгунча давом эттириш мумкин.

1 бошловчи:  Энди ўйин ғолибини эълон қиламиз.

2 бошловчи:  Ўйин ғолиби  (Ғолиб ўқувчи номи ўқилади.)

1 бошловчи:  Энди, тўгарак аъзолари кимёга оид қизиқарли тажриба ўтказиб кўрсатишади.

2 бошловчи:  Марҳамат, кимёгарлар, навбат сизларга!

1 бошловчи:  Энди элементларнинг даврий системасини қанчалик билишингизни текшириб кўрамиз.

2 бошловчи:  Қуйидаги жадвалда 1- устунда элеменларнинг белгиси, 2 — устунда эса уларнинг даври кўрсатилган. Бу даврлар тўғри кўрсатилганми, агар нотўғри кўрсатилган бўлса тўғри жавобни айтинг.

 

Элементнинг кимёвий белгиси  Даври 
N I
Ca V
Nb II
Ku IV
Ta VII
Sn III

 1 бошловчи: Марҳамат, ким жавоб беради?

 ( тўғри жавоб:    N   —  II,   Ca   —   IV,   Nb  —  V,   Ku  —  VII,   Ta  —  VI,  Sn  —  V. )

 2 бошловчи: Энди иккинчи хил ўйинни таклиф қиламиз.

 1 бошловчи:  Қуйидаги жадвалнинг биринчи устунида элеменларнинг номи, иккинчи устунда эса уларнинг кимёвий белгиси кўрсатилган. Бу белгилар тўғри кўрсатилганми, агар нотўғри кўрсатилган бўлса тўғри жавобни айтинг.

 

 Элемент номи  Кимёвий белгиси 
Магний Mn
Рух Rh
Селен Sr
Қўрғошин Pm
Олтин At
Симоб Sb

1 бошловчи: Марҳамат, ким жавоб беради?

 (Тўғри жавоблар: Магний  —  Mg,  Рух  —  Zn,  Селен  —  Se,  Қўрғошин  —  Pb,  Олтин  —  Au,  Симоб  —  Hg).

 2 бошловчи:  Биринчи устунда элементларнинг номи, иккинчи устунда уларнинг кимёвий белгиси, учинчи устунда эса даврий системадаги тартиб номери кўрсатилган. Улар тўғрими? Агар нотўғри бўлса, тўғри жавоб қандай бўлади?

 

 Элемент  Белгиси Даврий номер
Олтин Au 69
Кумуш Ag 57
Кислород O 9
Мис Cu 19
Калий K 29
Уран U 91

 

1 бошловчи: Марҳамат, ким жавоб беради?

 (Тўғри жавоблар: Олтин — 79, Кумуш — 47, Кислород — 8, Мис — 29, Калий — 19, Уран — 92)

 2 бошловчи:  1-устунда элементларнинг номи, иккинчи устунда уларнинг қандай кимёвий моддалиги кўрсатилган. Улар тўғрими? Нотўғри бўлса, тўғри жавоб қандай бўлади?

  

 элемент номи  кимёвий модда тури
Алюминий Металл
Симоб Металл
Барий Газ
Суръма Суюқ металл
Фтор Инерт газ
Прометий Галоген

 1 бошловчи: Марҳамат, ким жавоб беради?

 2 бошловчи: Қани, ким жавоб айтади ?

 (Тўғри жавоблар: Алюминий — Рангли металл, Симоб — суюқ металл, Барий — ишқорий ер металл, Суръма — қаттиқ металл, Фтор — галоген, Прометий – лантаноид).

 1 бошловчи: Энди кимёвий элементларга оид “бахри байт” ўйинини ўтказамиз

 2 бошловчи: Бу ўйинда камида иккита ўқувчи иштирок этади. Қуръа ташлаш орқали ўйинни бошловчи ўқувчи аниқланади.

 1 бошловчи: Бу ўқувчи даврий жадвалдаги бирорта элемент номини айтади, бу элемент қандай ҳарф билан тугаган бўлса, иккинчи ўқувчи шу ном бмлан бошланувчи элемент номини айтади, ва ҳоказо, ўйин шу тариқа давом этади.

 2 бошловчи: Навбати келганда сўз топилмай қолганда ўқувчи ютказган ҳисобланади. Ўйин битта ўқувчи қолгунча давом еттирилади.

 1 бошловчи: Агар оҳирги ҳарфга ҳеч бир ўқувчи жавоб топа олмаса, ўйин дурранг билан якунланади.

 1 бошловчи: Бу ўйинга қуйидагича мисолларни келтирамиз:

 Водород – диспрозий – йод (бу ҳолда ўйин дарҳол тўхтайди чунки “й” харфи билан бошланадиган бошқа элемент мавжуд эмас);

 Азот – Тантал – Лантан – Неодим – Молибден – Неон – Никел – Литий – Йод – диспрозий;

 Мис – Симоб – Бром – Молибден – Неодим – Мишяк – Ксенон – Неон – Никел – Лантан – Натрий – Йод – Диспрозий.

  1 бошловчи:  Энди тўгарак аъзолари қизиқарли тажрибалар қилиб кўрсатишади.

 2 бошловчи:  Навбат тўгарак аъзоларига!

 1 тажриба:   СЕҲРЛИ СИЁҲЛАР

 1 ўқувчи:  Кимё фани ўзида жуда ҳам кўп сирларни яшириб келади. Уларни биз учун тушиниб бўлмас, ечими йўқ мўъжизадек кўринади.

 2 ўқувчи:  Ана шундай мўъжизавий тажрибалардан бири, яъни сеҳрли сиёҳни яратишни ҳар биримиз амалга оширишимиз мумкин. Бунинг учун бир дона пиёз олиб, унинг суюқлиги ажратиб олинади. Гугурт чўпига пахта ўраб, суюқликка ботирамиз ва оппоқ қоғозга бирон сўз ёзамиз ва унинг қуришини кутамиз. Ёзув кўринмай қолади. Биз уни атрофдагиларга кўрсатиб, ҳақиқатдан ҳам қоғозга ҳеч нарса ёзилмаган деган хулосани оламиз.

 1 ўқувчи:  Энди бу ёзувни қандай қилиб ўқишнинг сирини очамиз.

 2 ўқувчи: Бунинг сири жуда ҳам осон, дазмолни қиздириб, варақ устидан бир неча маротаба юргизамиз. Кўз ўнгимизда ажойиб мўжиза юз беради. Оқ варақда қора ёзувлар пайдо бўла бошлайди.

 1 ўқувчи:  Марҳамат, ёзувлар пайдо бўлди!

 2 ўқувчи:  Худди шундай сеҳрли сиёҳни апелъсин шарбатидан ҳам таёрласа бўлади.

 1 ўқувчи:  Агар қора қоғозга рух сулъфат  ZnSOтузи эритмаси билан хат ёзиб, сўнгра унга водород сулъфид  H2S  пуркалса, оқ ёзув пайдо бўлади. Бунинг сирига етиш учун қуйидаги тенгламага назар солиш етарли:

 ZnSO4 + H2S = ZnS + H2SO4

 2 ўқувчи:  Тенгламадан кўринадики, реакция натижасидаги ҳосил бўлган чўкманинг ранги оқ. Қора қоғозда оқ ёзувлар ажралиб, кишида худди мўжиза юз бергандек таассурот уйғотади. 

 1 бошловчи:  Мана, сеҳрли сиёҳ билан ҳам танишдик.

 2 бошловчи:  Бундай тажрибаларни кўплаб кўрсатиш мумкин.

 (ЭСЛАТМА: Агарда вақт етарли бўлса, қуйидаги тажрибаларни ҳам кўрсатиш мумкин)

 2 тажриба: ТУХУМНИНГ ПЎЧОҒИНИ СИНДИРМАСДАН

АЖРАТИБ ОЛИШ

 Юзаки қараганда бу иш жумбоққа ўхшаб туйилади. Ҳақиқатда эса буни қилиб бўлади.

        Бунинг учун шиша банка ичидаги “сув”га тухумни ташлаш керак, аввал тухум чўкади, сўнгра унинг сиртидан вижирлаб пуфакчалар чиқа бошлайди, тухум бир пастга, бир юқорига кўтарилади, ўқи атрофида айланиб юради. Ниҳоят тухумнинг пўчоғи бутунлай эриб кетади ва у арчилиб қолади.

Топинг-чи, шиша банкадаги сув нима эди? Ажралиб чиқаётган газ қандай эди? Нега тухум пўчоғи эриб кетди?

Шиша банкадаги “сув” — хлорид кислотанинг суюлтирилган эритмасидир. Тухум пўчоғи асосан калций карбонат ва органик моддадан тузилган. Хлорид кислотанинг калций карбонатга таъсиридан карбонат ангидрид ажралиб чиқади. Тухумнинг суюқлик ичидаги ўйнашига  ва пўчоқнинг эриб кетишига сабаб шу.

 3 тажриба:  СУВДА ЁНУВЧИ  МЕТАЛЛ

         Юмалоқлаб ўралган қоғозни стакандаги сувга ташланади ва тезлик билан стакан оғзига воронкани қопқоқ қилиб ёпиб қўйилади. Салгина вақт ўтгач, қоғоз ҳаракатга келади ва  ниҳоят ёна бошлайди.

        Бу филтр қоғоз бўлиб, унинг ичига устки оксид қатламидан тозаланган, нўҳат катталигидаги натрий метали ўралган эди. Натрий сувдан водородни шиддатли равишда сиқиб чиқарганидан кўп иссиқлик ҳосил бўлади. Натижада натрий, алангаланиш темпе-ратурасигача қизиб, ёниб кетади.

        Сувга натрий метали ўрнига калий метали ташланса, у қоғозга ўралмаса ҳам чиройли бинафша пушти рангли аланга бериб ёниб кетади.

        Ҳар икки реакцияда ҳам, сув ишқор эритмасига айланади, буни фенолфталеин эритмаси ёрдамида аниқлаш мумкин.

 1 бошловчи: Эндиги навбатни ҳазил қўшиққа берамиз!

 2 бошловчи:  Бошгинам оғрийди-ё. Тўгарак аъзолари ижро этишади. Марҳамат!

 БОШГИНАМ ОҒРИЙДИ – Ё

 (Пародия – лапар, Қимматойнинг гунгроқ онаси билан суҳбати)

 Қимматой: (Мактабдан келиб, шикоят бошлайди)  Ойижон, ойи!

 Онаси:  Яқинроқ келиб, ашула қилиб айт, эшитмаяпман!                                  

 Қимматой:                Ойижон, ойижон – ей,

                                    Бошгинам оғрийди – ё.

                          

Онаси:                        Бошгинангдин ўзим ўргилай,

                                    Нималарга оғрийди — ё?

 

 

Қимматой:                Кимё деган Фан бор экан,

                                    Сир – жумбоғи бисёр экан,

                                    Уқувсизларга дор экан,

                                    Ўшаларга оғрийди – ё.

 

Онаси:                        Кимё холангни билмасанг,

                                    Қиз — ўғлини танимасанг,

                                    Дугона бўб кетолмасанг,

                                    Алам – о, алам – о!

 

Қимматой:                Юздан ортиқ модда бормиш,

                                    Гоҳо хуш бўй, гоҳ ишқормиш,

                                    Эркатойларга но ёрмиш,

                                    Ўшаларга оғрийди – ё.

 

Онаси:                        Модасига бало борми,

                                    Ишқорига ҳамма зорми,

                                    Сенга улар ёв – ағёрми,

                                    Алам – о, алам – о!

 

Қимматой:                Бири металл, бири ҳаво,

                                    Бири заҳар, бири даво,

                                    Фарқлолмайман, мен бедаво,

                               Ўшаларга оғрийди – ё.

 

Онаси:                        Ҳаво олишни билмасанг,

                                    Даво олишни билмасанг,

                                    Илм томонга жилмасанг,

                               Алам – о, алам – о!

 

Қимматой:                Ойижон, ойижон – ей,

                               Бошгинам  оғрийди – ё.

 

Онаси:                        Бошгинанг оғриса – ё,

                                    Алам – о, алам – о!

 

 

 

1 бошловчи:  Мана ҳазил қўшиқни ҳам эшитиб олдик.

 

2 бошловчи:  Эндиги навбат – ИНТЕРМЕДИЯ  га!

 

1 бошловчи:  Тўгарак аъзолари БИЛМАСВОЙ  ИМТИХОНДА  номли интермедияни ижро этишади.

 

                          БИЛМАСВОЙ  ИМТИХОНДА

 

Домла:           Хўўш, Билмасвой, имтихонга тайёрмисиз?

 

Билмасвой:  Тайёрман, домлажон!

 

Домла:          “Содда элемент”  деганда  нимани тушунасиз?

 

Билмасвой:  Сода элементлар икки хил бўлади, домлажон. Биринчиси – овқатга солинадиган сода элемент, русчасига – “Пищевая сода”, дейилади. Онамлар хамир қорганда солиб турадилар. Иккинчиси – Кир ювадиган сода элемент, русчасига – Стиральний порошок, дейилади, ўзим ҳам пайпоқ ювишда ишлатиб тураман!

 

Домла:          “Мураккаб модда”  деганда  нимани тушунасиз?

 

Билмасвой: “Модалар” ҳар хил бўлади, домлажон. Битта давлатда тикилган кийимларни кийилса – бу “Содда мода” бўлади. Агарда, кийимлар турли давлатларда тикилган бўлса, домлажон, у ҳолда “Мураккаб мода”  ҳосил бўлади, домлажон! Бунга “Жаноб — 420” фильмидаги бош қаҳрамоннинг кийимларини мисол қилсак бўлади: — Унинг шляпаси – русларники, костюми – инглизларники, бошмоғи (туфлиси) – японларники бўлиб, ҳақиқатан ҳам “Мураккаб модада” кийингандир.          Ашуласини ҳам айтиб берайми: “Мера жупта …”

 

Домла:           Бўлди, бўлди! Ашуласи керак эмас. “Модда” ҳақидаги билимларингизга бир нарса дейиш қийин, аммо, “мода” соҳасида билағон экансиз!

 

Билмасвой:  Домлажон, вақтни бекор ўтказмаймизда!

 

Домла:          Сизга учинчи савол: — “Кимёвий элемент” деганда нимани тушунасиз?

 

Билмасвой:  Ўз ҳаётимдан мисол келтирсам майлими ?

 

Домла:           Бемалол, айтаверинг.

 

Билмасвой:   Алимент, бу бола-чақасини ташлаб кетиб қолган оталарнинг болаларига унда – мунда жўнатиб турадиган пулидир, домлажон! Пулларга кимёвий бўёқлар ишлатилгани учун, уларни – кимёвий алимент, дейилади!

                                   

Домла:            Баракалла, зўрсизку!  “Кимёвий элемент” саволига ҳам жавобни “қойиллатдингиз” !

 

Билмасвой:   Роса тайёрландим, домлажон!

 

Домла:            Берган жавобларингизнинг кимё фанига ҳеч қандай алоқаси бўлмагани учун, қайта имтихонга келасиз.

 

Билмасвой:   Домлажон !? Уччала саволингизга ҳам жавоб бердимку-у… Қачон келай ?

 

Домла:        “Содда” билан “Сода”ни, “модда” билан “мода”ни ва “элемент” билан “алимент”нинг фарқига етган кунингиз келаверинг.

 

Билмасвой:   Домлажон, …

 

        

 

2 бошловчи:  Энди яна битта имтихон воқеасини келтирамиз.

 

1 бошловчи:  Бунда Билмасвой қандай қилиб кимёга математикани татбиқ этгани билан   танишасиз.

 

2 бошловчи:  Сўз тўгарак аъзоларига, марҳамат!

 

 

ИМТИХОНДА

 

(Математиканинг кимёга “татбиқи”)

 

Домла:           Билмасвой, қуйидаги формулани изоҳлаб, бу формула нимани англати-шини айтиб беринг:

                                                               

 

Билмасвой:   Домлажон, бу ёзувга диққат билан назар солсак унда иккита “эн” ва битта   “О”  ҳарфлари бор, яъни   Н, Н  ва  О  ҳарфлар борлигини сезамиз. Бу масалани математик йўл билан ҳал этамиз!

 

Домла:            Яъни?

 

Билмасвой:  Н, Н, О – уч элементли тўпламга “пермутацияни” (яъни – ўриналмаш-тириш)  қонунини қўллаймиз, натижада ННО, НОН  ва  ОНН  учликлар ҳосил бўлади.

 

Домла:              Хўўш, хўўш, …

 

Билмасвой:   Бу учликларнинг биринчи ва учинчиси мантиқан маънога эга эмас, уларни “чет илдиз” сифатида ташлаб юборамиз, шунинг учун биргина тўғри жавоб  — НОН  бўлади, яъни

 

                                                            2Н + О = НОН

 

Домла:          Қойил! Математика билан кимёни “пермутация” қилиб юбордингиз. Баҳо-йингиз “қониқарсиз”.

Билмасвой:   Домлажон, анча ҳаракат қилдимку, ҳатто математикани       ҳам қўлладим.

 

Домла:           Қайта имтихонгача хайр!

 

Билмасвой:   Домлажон ! ?

 

1 бошловчи:  Мана Билмасвойнинг мазмунли жавобларидан биз ҳам баҳраманд бўлдик!

 

2 бошловчи:  Энди ҳаммани оммавий рақсга таклиф этамиз, навбат шўх мусиқага!

 

1 бошловчи:  Азизлар, бўлишиб бир тану, бир жон

Кимёвий илмларни келтирдик ёдга.

                                     Даврий системани билдик баимкон,

                         Нелар қолганини – элга, авлодга.

 

2 бошловчи:  Кимёвий илмларни эслаб бир нафас,

                         Зора солган бўлсак қалбларга учқун.

                         Зораки уйғонса сизларда хавас,

                         Кимёни чин дилдан урганмоқ учун.

 

1 бошловчи:  Шоядки етишса янги Резерфорд,

                           Беруний, Фаробий, Розий, Синолар.

                        Шояд пайдо бўлса Планк, Кюрилар,

                        Курчатов, Ломоносов каби сиймолар.

 

2 бошловчи:  Элимиз дейдики, орзуга айб йўқ,

                         Ўсинг, улғайинг деб билдирдик тилак.

                         Илм чўққисини айлагайсиз забт,

                         Ижод заҳматидан толмаса билак!

 

 

Иккала бошловчилар биргаликда:

 

Бироз сўзамоллик қилдик чамаси,

Азизлар, бизларни тутгайсиз маъзур.

Кимёвий илмларни ўқинг хаммасин,

Ишончимиз комил — қилгайсиз хузур!

 

Мисол, шеър ўқишдан тўхтаб нихоят,

Чин дилдан этамиз сизларга таъзим.

Азизлар, шу билан топди нихоя –

Кимёга аталган тантана, базм.

[1] Элементлар даврий қонуни очдим

[2] Кимёвий элементларнинг даврий системасини туздим

[3] Критик қайнаш температурасини аниқладим

[4] Ҳавода сузиш, метеорологияни ўргандим

[5] Ўлчов ва тарози палатасини бошқардим

[6] Ўз илмий фаолиятим билан  “Ватан олдидаги биринчи вазифамни” бажардим

[7] 1-хона эгаси, маъносида, масалан, ……… – катаклар бўш

[8] Уйнинг қаватлари

[9] Уйнинг қаватлари

[10] Уйнинг қаватлари

[11] Уйнинг қаватлари

[12] Уйнинг қаватлари

[13] 57номерли “лантан” га қардош 14 та лантаноидлар, 89номерли “актиний” га қардош 14та актиноидлар жадвал пастида берилган.

[14] газсимон

[15] металлар

[16]Кўплаб элементлар билан бирикиб кетадиган

[17] Реакцияга киришмайди

[18] ишқорлар

[19] Бирикиб ўғитлар ҳосил қилади

[20] Ром – спиртли ичимлик.