Jizzax VPKQT va MOI o’qituvchilaridan

Bobur ЗАҲРИДДИН МУҲАММАД БОБУРНИНГ ЭКОЛОГИЯ ФАНИНИНГ РИВОЖЛАНИШ ТАРИХИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

Инсонни ҳар томонлама юксак маънавий фазилатларини камол топтириш келажак эгалари бўлган ёш авлодни бой маданий ва маънавий меросимизга ҳамда тарихий қадриятларимизга ҳурмат-эътибор, меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш айниқса, атроф-муҳитга бўлган муносабатини тўғри шакллантириш олдимизда турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам улуғ мутафаккирларимизнинг асарларини ўрганиш ва талқин қилиш бугунги куннинг долзарб муаммоси ҳисобланади. Бобомиз Заҳриддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижоди қадимги Мовароуннаҳр, хусусан, Самарқанд билан боғлиқлигини адибнинг «Бобурнома»сида аниқ ва яққол кўришимиз мумкин. Асарни ўрганишимиз жараёнида Заҳриддин Муҳаммад Бобурни адиб, шоир сифатидагина эмас, балки зукко билимдон ва кузатувчи олим, географ, табиатшунос, эколог, этнограф ва санъатшунос сифатида гавдаланади.

 «Бобурнома»да Бобур Самарқанд мевалари ҳақида маълумот бериб, айниқса, олма ва узум Самарқандда яхши бўлишини қайд қилади: «узум ва қовуни, олмаси ва анори, балки ҳамма меваси хуб бўлур, вале икки мева Самарқанддин машҳурдур: «Себи Самарқанд» ва «Соҳиби Самарқанд» меваларига катта таъриф беради.

Бобур Самарқандда биринчи марта ҳукмронлик қилганда шаҳар ва унинг атрофи билан яқиндан танишган. Шунинг учун ҳам у ўз асарларида шаҳар ҳақида, атрофидаги қишлоқ ва тоғ, боғлари тўғрисида батафсил мукаммал маълумотлар беради. Булар орасида ҳозирги кунда бутунлай йўқолиб кетган бинолар ва боғлар тўғрисида маълумотлар бор. Масалан, Бобур Самарқандда XV асрда барпо этилган боғларни ҳам батафсил тасвирлаган. Жумладан, Темур яратган боғлардан Самарқанднинг Шарқ тарафида Боғибулду ва шаҳарга яқинроқ Боғи дилкушо ўртасида узун ва тўғри кўча бўлганлиги, бу кўчанинг икки томонида тераклар экканлигини қайд қилади. Яна Пуштаи Куҳакнинг доманасида конигилнинг қора суйининг устидаким, бу сувни Обираҳмат дерлар, бир боғ солибдур. Бу боғни «Бобурномада» тасвирлаганича, Темурнинг Чўпонота ён бағрида, Обираҳмат устида Нақши жаҳон номли боғи бўлган, бироқ бу боғ Бобур Самарқандда бўлган вақтлардаёк ҳаробага айланган экан. Шундан кейин Бобур Темур боғларидан Самарқанд жанубидаги шаҳар қалъасига яқин бўлган Боғичинор, калъа ғарбидаги Боғи шамол, Боғи бихишт кабилар ҳақида ҳам хабар беради.

Бундан ташқари, Боғимайдоннинг қуйироғида Дарвиш Муҳаммад Тархон ажойиб бир боғ барпо этилганлиги ҳақида ҳам Бобур батафсил ёзади. Дарвиш Муҳаммад Тархон боғи тўғрисида «Анингдек сафолик ва ҳаволик ва мадди назарлик чорбоғ кам бўлган»- дейди. Айниқса, бобур жойларнинг ўсимлик, ҳайвонот дунёсининг, табиий бойлигини, хўжалик имкониятларини, у ёки бу ҳайвон ва ўсимликнинг ҳаёти ва хусусиятини тасвирлаганда ўзининг ниҳоятда кузатувчанлигини, чуқур илмий билимга эга эканлигини, фойдали мақсадларини амалга оширишга интилувчанлигини кўрсатди. Масалан: «Бобурнома»да мингдан зиёд географик ном-мамлакат, шаҳар, қишлоқ, қалъа, дашт, тоғ-давон, дара, кўприк, кул, чашма, боғ, яйлов, ўтлоқ ва бошқа жойларнинг номлари тилга олинган. Буларнинг кўпчилиги Ўзбекистон билан боғлангандир. Бундан ташқари «Бобурнома»да Андижоннинг «Мир Темурий» навли қовуни, ношвотиси, Хўжанд ҳавосининг уфунати борлиги, кузда эл безгак бўлиши, Қаршининг ёз оқшомлари ҳавоси ниҳоятда енгил ва софлиги, Бағрикора мурғаки, Қарши номли қушлари ва бошқалар шундай тасвирлаганки, кўз олдимизда Бобур ўз даврининг буюк географи, ўткир зеҳнли мусаввирдек гавдаланади.

Бобур ўз юртида бир йил тўрт йил фасл бўлгани ҳолда, Ҳиндистонда эса бир йил уч фасл эканлиги, ҳар фасл тўрт ойдан иборат эканлигини қайд этиб, фасл ва ойнинг ҳар икки тилдаги номларини бир-бирига қиёслаб тушунтиради. Бобур бундан ташқари, Ҳиндистон қушлари ҳакида гапирар экан, уларнинг кўриниши, сайраши-овозини Ўзбекистондаги қушларнинг ўшандай хусусияти билан солиштиради, уларнинг номларини қиёслайди. Айни пайтда Ҳиндистоннинг мевалари, гуллари тўғрисида хам фикр юритиб, уларнинг хусусияти ва номларини ўзбек тилидаги номлари билан қиёслайди.

Бобур 1507 йил қишида Ҳиротдан Қобулга келади ва шу йилнинг баҳорида Бобур бир оз тинчиб, аёллар билан бирга Борон ёқаларига, Чоштуба даштига, Гулбаҳор деб аталган тоғ этакларига сайрга чиқади. Бу ерлар анвойи гуллар, ҳар хил лолаларга бой чаманзор ерлар эди. Бобурнинг топшириғи билан лолалар хилини санайдилар ва 34 турини аниқлайдилар. Бобур ана шу гўзал манзарадан завқланиб қуйидаги мисра билан бошланувчи ғазалини ёзади:

 

 

Сабзау гуллар билан жаннат бўлур Қобул баҳор,

Хосса бу мавсумда Борон ёзисин Гулбаҳор.

Шу давр ҳукмдори Бобурнинг амрига биноан Қобул вилоятига олча кўчатлари келтириб ўтказилган, шакарқамиш экилган. Пағмонда (Афғонистондаги бир қишлоқ) айланма бўлиб оққанидан кўп миқдордаги суви йўқолиб кетадиган бир ариқни Бобур тўғри канал қаздириб, унинг сувини тартибга солган. Юқорида келтирилган мисоллардан кўриниб турибдики, тоғ, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, об-ҳаво, масофа, аҳоли ва давр, буларнинг барчаси табиат билан боғлиқ эканлиги китобхонда яхлит ва атрофлича тасаввур колдириш учун Бобур буларнинг барчасини биргаликда қўшиб тасвирлаган. Бобур ўз асарида борган жойларининг табиати, табиий бойлиги, одамларнинг урф-одатлари ҳайвонот олами, ўсимликлари ва қолаверса бутун маданияти, маънавияти тасвирланган. Асар муҳим атамалар ва топонимик манбаларга бой. Унда табиат, иқлим, ер, сув, ҳаво турли табиий ходисаларга тегишли халқ сўзлари кўплаб учрайди. Асарда «Бобур бирон бир сафарга чиқишдан олдин ер, сув, табиатни билган кишиларни чорлаб, атроф ва томонлар суриштирилар эди» деб таъкидлаган. «Бобурнома» асарида ҳар бир шаҳарни, худудни маълум тартибда тасвирлайди, улар ҳақида маълумот беради. Бобур овга жуда қизиққан, шунинг учун  Марказий Осиё, Афғонистон, Хуросон ва Ҳиндистонда яшовчи ҳайвонларнинг турлари, яшаш шароитлари, озиқланиши ҳақида батафсил маълумот берган. Алломанинг фикрича, ўша даврларда Фарғона водийсида Антилопалар, тоғ эчкилари, какликлар ва бошқа ҳайвонлар кўп бўлганликлари ҳакида маълумотлар беради.

Захриддин Мухаммад Бобурнинг ўз асарларида баён этган фикрлари, ахлоқий-таълимий ва экологик қарашлари мустақиллик даврида камол топаётган ёшларни атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ўргатишда ғоят қимматли манба бўлиб ҳисобланади.

Қобилжонов Рустам,

Жабборов Мақсуд

Жиззах ВХТХҚТМОИ катта ўқитувчилари

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *